Коронавирус пандемияси шароитида инсон ҳаётининг барча жабҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар содир бўлмоқда. Ушбу силсилалар кўп йиллик шаклланган қадриятлар, анъаналар ва тамойилларнинг “дарз” кетишига ҳам олиб келди. Хусусан, нуфузли олимлар, халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан яқин ва ўрта истиқболда курраи замин тараққиётига таҳдид соладиган хавф-хатарлар бўйича берилган прогноз кўрсаткичлари ўз тасдиқини топмади. Аксинча, улар қайтадан кўриб чиқилаётир. Аммо шу нарса аён: дунё бир бутунликда ҳаракат қилмас экан, инсон ўта таҳликали вазият қурбонига айланиши ҳеч гап эмас. Ягона нажот йўли эса тўпланган билим, шаклланган кўникма ва орттирилган хулосаларни ягона мақсад сари йўналтириш, илм ҳамда тажрибаларни самарали уйғунлаштира олишдир.