Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга шарт қўйди!

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 октябрь куни туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Маълумки, туризм иқтисодиёт учун қўшимча ва туганмас манба. Шу боис ҳар бир давлат сайёҳларни жалб этишга ҳаракат қилади. Мамлакатимизда бу соҳага кенг имкониятлар яратилаётгани натижасида меҳмон ўринлари, саёҳат жойлари ва йўналишлари кўпайиб бормоқда. Ўтган 8 ойда юртимизга хориждан 4 миллион 300 минг нафар турист келган, улардан 1 миллиард 400 миллион доллар тушум бўлган. Қўшимча дам олиш кунлари ва чегирма берилгани натижасида ички сайёҳлар сони 15 миллион нафарни ташкил қилиб, ўтган йилгига қараганда 2 баробарга ўсган. Туризм инфратузилмаси изчил ривожланмоқда. Жорий йилда 15 мингта янги меҳмон ўринлари ташкил этилиб, уларнинг сони 137 мингтага етди. 540 та дам олиш ва кўнгилочар маскан барпо этилди, 70 та туризм маршрути очилди. Шунингдек, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади, янги 23 та самолёт олиб келинди, 20 та халқаро ва 6 та ички қатнов йўлга қўйилди. Самарқанд аэропортида ҳафталик халқаро рейслар 46 тадан 85 тага кўпайди. 1 минг 300 та замонавий автобус харид қилиниб, 38 та йўналиш очилди. Йиғилишда туристларни кўпайтириш бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди. Аввало, қўшни давлатлардан, Россия ва Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун қулай имконият борлиги таъкидланди. Хусусан, юртимиз вилоятлари Хитой провинциялари билан ҳамкорлик ўрнатган. Бундан фойдаланиб, ҳудудларимиз туристик салоҳиятини тарғибот қилиб, Хитойдан йилига 1 миллион сайёҳни жалб қилиш мумкинлиги айтилди. Мамлакатимизга узоқ давлатлардан туристлар келиши ҳам кўпайган. Мисол учун, Ҳиндистон, Япония, АҚШ ва италиялик сайёҳлар сони 3-4 баробар ошган. Биргина Хоразмга Испаниядан 40 минг турист ташриф буюрган. Лекин улар транзит орқали келаётгани сабабли ортиқча харажат қилаяпти. Агар Мадриддан юртимизга авиарейс қўйилса, туроператорлар сайёҳларни 4 карра оширишга тайёрлигини билдирган. Шу боис Транспорт вазирлигига хориждаги элчиларимиз билан бирга авиақатновларни кўпайтириш чораларини кўриш топширилди. Яқинда, 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида илк бор Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унга 128 та мамлакатдан 1 мингдан зиёд иштирокчи, шу жумладан 79 нафар туризм вазири, 24 нафар вазир ўринбосари келиши кутилмоқда. – Бу тадбир мамлакатимиз туризм салоҳиятини кўрсатиш учун жуда катта имконият, – деди давлатимиз раҳбари. Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан соҳа вакилларини жалб қилиб, ҳар бир ҳудуднинг тарихи, табиати, маданияти, зиёратгоҳлари, овқатлари, сайёҳлик масканлари ва маршрутларини намойиш этиш, лойиҳалар таклиф қилиб, келишувларга эришиш зарурлиги таъкидланди. Туристларни жалб қилиш бўйича яна бир катта йўналиш бу – маданий тадбирлар. Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон ва айрим вилоятларда фестиваллар ташкил этилган. Шу тажриба асосида, қолган ҳудудларда ҳам туристларни жалб этадиган маданий тадбирларни кўпайтириш топшириғи берилди. Давлатимиз раҳбари мамлакат имижида кино санъатининг ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлигига бу борада кўрсатмалар берилди.
Back to Top